ЯКУНИЙ ҲУЖЖАТ

“Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш” халқаро форуми

ЯКУНИЙ ҲУЖЖАТ

«Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш» мавзусидаги халқаро форуми
(17 ноябрь, 2022 йил, Тошкент шаҳри)

БМТ ва унинг институтлари инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашга алоҳида аҳамият беради. Барқарор ривожланиш ўзининг уч жиҳати – ижтимоий, иқтисодий ва экологик, шунингдек атроф-муҳитни ҳамда экотизимларни муҳофаза қилиш инсоннинг барча ҳуқуқлари фаровонлигини таъминлашда ва амалга оширилишида ҳисса қўшиши тан олинган.

Иқлим ўзгариши бир қатор инсон ҳуқуқларига, шу жумладан бола ҳуқуқларига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатади. Кўп ҳолларда болалар номутаносиб равишда иқлим ва атроф-муҳит ўзгаришларидан азият чекмоқда.

Сув, озиқ-овқат ва ҳаво ҳарорати ҳамда сифатининг ўзгариши болалар саломатлиги, ривожланиши ва фаровонлигида жиддий оқибатларга олиб келмоқда. Ушбу глобал таҳдид ва хатарларнинг таъсири Марказий Осиё мамлакатларида ҳам кескин сезилмоқда.

Марказий Осиё минтақасининг асосий экологик муаммоси - Орол денгизи фожиаси ҳисобланади. Ушбу фожианинг салбий гуманитар, экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатлари минтақа доирасидан чиқиб глобал муаммога айланмоқда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, иқлим ўзгаришига қарши курашиш Янги Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан дунёнинг энг юқори минбарларидан эълон қилинган экологик ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст жамғармаси фаолияти ҳамда минтақани экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиниши юксак таҳсинга лойиқ.

Ўзбекистон БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича Конвенцияси ва Париж битими иштирокчиси сифатида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш ҳамда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида энергия самадорлигини ошириш ва ресурларни тежаш, “яшил иқтисодиёт”ни ва қайта тикланувчи энергияларни ривожлантириш, ўрмонзорларни кўпайтириш ва иссиқхона ташланма газларини камайтириш йўналишларида амалга оширилаётган стратегияларда халқаро мажбуриятларни имплементация қилмоқда.

Шу муносабат билан 2022 йил 17 ноябр куни Тошкент шаҳрида “Замин” Халқаро жамоат фонди Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) Ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш” мавзусидаги халқаро форум ташкил этилди.

Форумда БМТ ва унинг тузилмалари раҳбарлари, халқаро
ва минтақавий ташкилотлар, давлат тузилмалари, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, дипломатик корпус, фуқаролик жамияти институтлари, шунингдек, кенг илмий ва педагогик доиралар вакиллари иштирок этди.

Ушбу якуний ҳужжат форумдаги муҳокамалар натижасида таклиф этилган ва қабул қилинган қарорларни ўзида акс эттиради.

 

Биз форум иштирокчилари,

 

Париж келишуви ва БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг муҳимлигини тасдиқлаб, шунингдек, давлатнинг ҳозирги ва келажак авлодлар манфаати учун мажбуриятларини ўз ичига олган Стокголмнинг инсон атроф-муҳит муаммолари тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганлигининг
50 йиллиги ва атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича Рио-Де-Жанейро декларациясининг қабул қилинганлигининг 30 йиллигини таъкидлаб;

БМТ Бош Ассамблеясининг 2022 йил 28 июлдаги 76/300-сонли резолюцияси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашнинг 2021 йил
8 октябрдаги 48/13-сонли резолюцияси биринчи марта инсоннинг тоза, соғлом ва барқарор муҳитга бўлган ҳуқуқини инсон ҳуқуқларидан бири деб эълон қилинганлигини ва уни амалга ошириш учун табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги кўп томонлама шартномаларни тўлиқ бажариш зарурлигини эътироф этиб;

иқлим ўзгариши ва ифлосланиши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, сиёсий ва иқтисодий беқарорлик, тенгсизликнинг кучайиши, озиқ-овқат ва сув хавфсизлигининг пасайиши, соғлиқ ва ҳаётга таҳдидларнинг катталарга қарганда болалар ҳаётига таъсир кўрсатишини кучайишини муҳокама қилиб,

барча болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, рағбатлантириш ва амалга ошириш бўйича мажбуриятларни амалга ошириш юзасидан содиқлигимизни тасдиқлаб, қуйидагиларни таъкидлаймиз:

Биз бола ҳуқуқлари ва манфаатларини иқлим ҳаракатлари марказига қўйиш мақсадида халқаро ҳамжамиятни иқлим инқирозининг салбий таъсирига қарши курашиш йўналишида халқаро, минтақавий ва миллий саъй-ҳаракатларни кучайтиришга чақирамиз;

Биз БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича Қўмитаси томонидан Иқлим ўзгаришига алоҳида урғу берган ҳолда болалар ҳуқуқлари
ва атроф-муҳит ҳақидаги 26-сонли Умумий тартибдаги мулоҳазаларини тайёрланишини, шунингдек, Қўмита томонидан Ўзбекистоннинг Бешинчи даврий ҳисоботини кўриб чиқиш якунлари юзасидан, хусусан, боланинг соғлом муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлаш масалалари бўйича тавсияларини қабул қилинишини олқишлаймиз.

Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар доирасида экологик ҳуқуқларни, шунингдек, давлатнинг атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш
ва муҳофаза қилиш, келажак авлодлар учун экологик мувозанатни сақлаш бўйича мажбуриятларини ҳимоя қилишга қаратилган айрим қоидаларни Конституцияга киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилганлигини мамнуният билан таъкидлаймиз.

Биз, шунингдек, болалар ва ёшлар иштирокида белгилаб берилган устувор йўналишларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим мажбуриятларни ўз ичига олган Болалар, ёшлар ва иқлим ўзгариши тўғрисидаги декларацияга Ўзбекистон Республикаси қўшилганлигини мамнуният билан олқишлаймиз, хусусан:

Болаларнинг соғлом муҳитга бўлган ажралмас ҳуқуқини глобал миқёсда тан олиш ва амалга оширишни тарғиб қилиш, шунингдек, ушбу ҳуқуқни миллий, минтақавий ва глобал доиравий ҳужжатлар ва/ёки миллий сиёсат ва қонунчиликда мақсадга мувофиқ равишда мустаҳкамлаш чораларини кўриш;

- Париж битимини барча даражаларда амалга оширишда болалар ва ёшларнинг ҳуқуқларига риоя қилиш, рағбатлантириш ва ҳисобга олиш, шу жумладан уларнинг алоҳида заифлигини ҳамда уларнинг асосий манфаатдор томонлар мақомини тан олиш бўйича саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш;

- Табиий офатлар хавфини камайтириш ва уларнинг оқибатларини юмшатиш чоралари ҳамда болалар ва ёшларнинг манфаатларини ҳисобга олган ҳолда мослашишга инвестицияларни жалб қилишни кенгайтириш ва тезлаштириш;

- Иқлим ўзгариши ва экологик таълимни яратиш ва инвестиция қилиш орқали болалар ва ёшларнинг иқлим ўзгаришини юмшатиш ва мослашиш борасидаги салоҳиятини мустаҳкамлаш;

- Иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларда болалар
ва ёшларнинг аҳамиятли иштирокини кенгайтириш;

- Болалар ва келажак авлодлар масалалари бўйича халқаро комиссияни, шунингдек, иқлим ўзгариши бўйича қарорлар қабул қилишда болалар ва ёшларнинг самарали иштирокини таъминлаш юзасидан миллий даражада мавжуд ёки янги механизмларни ташкил этиш чора-тадбирларини ўрганиш;

- Декларацияда белгиланган мақсадларга фаол эришиш учун миллий ва халқаро миқёсда институционал ва маъмурий чоралар кўриш.

Иқлим ўзгаришининг кўламини ҳисобга олган ҳолда ва унинг аҳолининг заиф қатламларига, айниқса болаларга таъсирини юмшатиш учун биз қуйидагиларга чақирамиз:

  1. Болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда иқлим ўзгариши соҳасида самарали режалаштириш ва бошқариш салоҳиятини ошириш механизмларини халқаро ташкилотлар иштирокида ишлаб чиқишга кўмаклашиш;
  2. Болалар ва ёшларнинг халқаро, минтақавий, миллий
    ва маҳаллий даражадаги қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштирокини таъминлаш, иқлим ўзгариши билан боғлиқ ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, хусусан, уларнинг БМТ Ёшлар делегатлари дастури, Ёшлар иқлим ҳаракати ва БМТнинг Ёшлар бюросида иштирок этишини рағбатлантириш;
  3. Болалар ва ўсмирлар парламентларининг экологик қарорларни қабул қилиш жараёнларида болалар ва ёшлар иштирокини мувофиқлаштиришни таъминлаш бўйича
    саъй-ҳаракатларини фаоллаштириш;
  4. БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари, Париж келишуви ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки билан боғлиқ вазиятни ва болаларнинг соғлом атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга таъсирини мониторинг қилиш ва баҳолаш;
  5. Таълим дастурлари болаларнинг экологик муаммоларни ҳал қилишдаги ўрни ва иштироки ҳақидаги тушунчаларини оширишни таъминлаш, ташаббус кўрсатиш ва иқлим муаммоларига жавоб бериш қобилиятини кучайтириш;
  6. Соғлиқни сақлаш ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида, айниқса, болалар озуқаси бўйича сўнгги илмий маълумотлар
    ва халқаро стандартларга мувофиқ экологик стандартларни қабул қилиш ва жорий этиш;
  7. Болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, шу жумладан, уларнинг турли хатар
    ва таҳдидларига жавоб бериш қобилиятини таъминлаш, шунингдек, уларни атроф-муҳитнинг зарарланишидан ҳимоя қилиш бўйича комплекс стратегияни қабул қилиш;
  8. Болаларга атроф-муҳитга зарар етказиш манбалари тўғрисида тўпланган маълумотлар кенг жамоатчилик учун очиқ бўлишини таъминлаш;
  9. Иқлим ўзгаришига мослашиш билан боғлиқ билим ва ўқув хизматларидан, ахборот ва технологиялардан фойдаланишни таъминлаш каби муҳим масалаларни ҳисобга олган ҳолда, болалар ҳуқуқлари ва атроф-муҳит тўғрисида қарор қабул қилишда иштирок этаётганлар орасида миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда хабардорлик ва салоҳиятни ошириш;
  10. Сайёрамизнинг барча аҳолиси, айниқса, келажак авлод учун соғлом муҳитни таъминлаш бўйича ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар ва бизнес, фуқаролик жамияти саъй-ҳаракатларини кучайтириш.

“Замин” Халқаро жамоат фонди БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг атроф-муҳит деградациясини юмшатиш ва бартараф этиш, иқлим ўзгаришининг болалар саломатлиги ва ривожланишига таъсири мониторинги, озиқ-овқат хавфсизлиги, сув таъминоти
ва санитариясини таъминлаш соҳасидаги тавсияларини инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар билан биргаликда амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдиради.

Биз болалар ва ёшларнинг фаол иштирокида иссиқхона ташланма газларини камайтириш, экотизимлар ва биохилма-хилликни иқлим бузилишидан ҳимоя қилиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш тарафдоримиз.

2022 йил 17 ноябрда Тошкент шаҳрида қабул қилинган