Янгиликлар

Жаҳон болалар куни ва ЮНИСЕФнинг 75-йиллигига бағишланган “Ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзияни таъминлаш” халқаро веб-форуми

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган болалар инклюзиясини илгари суриш орқали Жаҳон болалар куни нишонланади

UNICEF ва “Zamin” халқаро жамоат фонди ногиронлиги бўлган болалар ва ёшларнинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлаш, қарорлар қабул қилишга жалб этиш ва иштирок этишларини таъминлаш йўли билан уларнинг инклюзиясини кенгайтириш мақсадид саъй-ҳаракатларни бирлаштиради

Тошкент, 2021 йил 19 ноябрь – Бугун “Zamin” халқаро жамоат фонди ва UNICEF “Ногиронлиги бўлган болалар учун инклюзияни таъминлаш" деб номланган юқори даражадаги халқаро форумни ўтказдилар. Мазкур тадбир ҳар йили 20 ноябрда нишонлланадиган Жаҳон болалар кунига ҳамда UNICEFнинг 75-йиллигига бағишланган. Форум иши ногиронлиги бўлган болалар дуч келадиган қийинчиликларни енгиш ва уларнинг ўсиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ амалга ошириши учун янада инклюзив ва қўллаб-қувватловчи муҳитни яратишга қаратилган.

Тадбирда миллий институтлар, фуқаролик жамияти вакиллари, БМТ агентликлари раҳбарлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар экспертлари, хорижий жамоат фондлари, Ўзбекистондаги дипломатик корпус вакиллари, шунингдек, болалар ва ёшлар иштирок этди. 
«Барча болаларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари бир хил даражада кафолатланиши лозим. Уларнинг манфаатлари устувор бўлиши керак. Дунёдаги ҳар бир бола бунга лойиқдир. Ногиронлиги бўган болалар жамиятнинг тўлақонли аъзоларидир. Уларнинг фаол ва мароқли ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, шубҳасиз, жуда муҳим”, деди ўз нутқида “Zamin” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева. 
“UNICEF БМТнинг Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини Ўзбекистон ҳукумати ратификация қилганини ҳамда уни амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилишини олқишлайди”, деди UNICEFнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий директори Aфшан Хан хоним. “Энди мустаҳкам қонунчилик ва сиёсий базани, самарали мувофиқлаштирувчи тузилмаларни яратиш ва ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотларининг аҳамиятли иштирокини рағбатлантириш орқали Конвенцияни миллий даражада амалга ошириш муҳимдир”.
Форумда халқаро экспертлар ногиронлиги бўлган болалар, аёллар ва эркакларнинг инклюзиясини қўллаб-қувватловчи, институционализациянинг олдини олишга ёрдам берадиган, зўравонлик ва шафқатсиз муносабат билан курашга ёрдам берадиган қулай, инклюзив, ҳуқуқларга асосланган ва ёшга мос давлат хизматларини ривожлантириш йўли билан кучли ва уюшган жамиятларни қуриш бўйича илғор тажрибалар билан ўртоқлашдилар. 
Форумда Зироат Мирзиёева ва Aфшан Хан ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан стигма ва дискриминацияга барҳам бериш бўйича умуммиллий кампания бошланишини эълон қилдилар. Улар барчани – ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари, ҳукумат вакиллари, хусусий сектор ва оммавий ахборот воситалари, жамият етакчилари ва таниқли кишиларни ҳеч ким четда қолмаслиги учун UNICEF ва Zamin саъй-ҳаракатларига қўшилишга чақирдилар.
“Тўсиқлар” деб номланган ушбу кампания бир йил давом этади. Унинг мақсади ногиронлиги бўлган шахсларга асосий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини таъминлашда кўмаклашиш, бунга имкон бермаётган тўсиқлар ҳақида хабардорликни оширишдир. Шунингдек, кампания ногиронлиги бўлган болалар ўзларини ҳимояланган, ҳурматга сазовор деб ҳис қилишлари учун уларга нисбатан муносабатни ўзгартиришга ҳам қаратилган.
Жаҳон болалар куни арафасида Ўзбекистон ҳам болалар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш белгиси сифатида UNICEFнинг “Дунёни мовий рангга тўлдиргин” глобал акциясига қўшилди. Жорий йилнинг 19 ва 20 ноябрь кунлари Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Қашқадарё ва бошқа вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги 100 дан ортиқ замонавий ва тарихий бинолар мамлакатимиз ва хориждаги ҳар бир бола учун мовий рангда товланади.

Замин фонди "Чегарасиз билимлар" лойиҳаси доирасида олий ўқув юртларида ўқиш учун грант ажратади

Грант танлов асосида тақдим этилади. Танлов асосида саралаб олиш ҳар ўқув йили учун алоҳида ўтказилади. Грант олган ва ўқув йилини академик қарздорликсиз якунлаган талабаларга танловдан қайта ўтмасдан, грантни кейинги ўқув йили учун ҳам узайтириш имкони тақдим этилади.

 

 

Шартнома асосидаги таълим харажатларини тўлаш учун грант Ўзбекистонда аккредитацияга эга ҳар қандай миллий, хорижий ёки нотижорат ОТМлар учун амал қилади.

Грантлар миқдори умумий тасдиқланган сумма доирасида белгиланади. 2021-22 ўқув йиллари учун бу сумма 300.000.000 сўмни ташкил этади.

Танловда иштирок этиш учун тўлдирилган ариза, анкета ва керакли ҳужжатлар тўпламини 2021-йил 6-сентабрдан 20-сентабргача грант@заминфоундатион.нго електрон почта манзилига юбориш керак.

Батафсил маълумот лойиҳа низомида тақдим этилган.